Shrift hajmi
Tizim rangi

Ўзбекистонда табиий монополиялар сони биттага камайди

Ўзбекистондаги табиий монопол корхоналар сони 129 тани ташкил қилмоқда. Фарғонадаги бир корхона реестрдан чиқарилди.

Монополияга қарши кураш қўмитаси Ўзбекистондаги табиий монополия субъектларининг янгиланган рўйхатини эълон қилди.

1 сентябр ҳолатига кўра, табиий монополия субъектларининг давлат реестрида 11 турдаги товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича 129 та хўжалик юритувчи субъект рўйхатга олинди. “Қўқон иссиқлик энерго” МЧЖ бу рўйхатдан чиқарилди.

2021 йилнинг феврал ойида эса табиий монополиялар сони 130 тани ташкил қилганди. Йил бошида Жиззах вилоятидаги «Даштобод темир йўл участкаси» МЧЖ ҳамда Тошкент шаҳридаги «South West Termina» МЧЖлар темир йўл хизматлари кўрсатмаётганлиги учун реестрдан чиқарилганди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 1 апрел ҳолатига кўра, табиий монополия субъектларининг давлат реестрида 11 турдаги товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича 136 та, 1 ноябр ҳолатида эса 131 та хўжалик юритувчи субъект рўйхатга олинган.